Ҳайдовчининг эшакни «Spark»га боғлаб, асфальт бўйлаб судрагани айтилган воқеа Тошкентда бўлгани аниқланди

«Spark» ҳайдовчиси 30 октябрь куни эшакни машинага боғлаб, судраб кетаётгани тасвирланган видеодаги ҳолат тахминларга кўра Aндижонда юз бергани айтилан эди. Суриштирувлар натижасида мазкур ҳолат Тошкентда бўлгани аниқланди. «Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти ҳолат юзасидан баёнот берди.

Кадр: Telegram

«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятига 29 октябрь куни «Spark» ҳайдовчиси ҳаракатланиш вақтида арқон билан эшакни судраб кетаётгани акс этган видео келиб тушган. Жамият 30 октябрь куни ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига мурожаат йўллаган. Қайд этилишича, суриштирув ишларини тезлаштириш мақсадида фото ва видеоматериаллар ҳам юборилган. «Меҳр ва оқибат» жамияти раҳбарияти ҳодиса бўйича қуйидагича изоҳ берди:

«Ҳайдовчининг ҳаракатлари ғазаблантиради. Биз ички ишлар органларини ушбу фуқарони қатъий тартибда белгиланган жавобгарликка тортишга чақирамиз. Кеча Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББга мурожаат қилдик. Ҳамкорлик қилишга ва ишни судга оширишга тайёрмиз».

«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти вакиллари ушбу қонунбузарликни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси (Ҳайвонларга нисбатан шафқациз муносабатда бўлиш) билан белгилаш зарурлигини маълум қилди.

Маълумот учун, ушбу моддага биноан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келиш энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача (223 000 дан 669 000 сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Aввалроқ Зарафшонда мушук ва итлар заҳарлаб, отиб ўлдирилаётгани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик Тошкентда ухлаётган итга қайноқ сув тўккан хавфсизлик ходими ишдан бўшатилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар