Наманган шаҳрида фуқарони 50 миллион сўмга «ухлатган» 2 нафар аёл қўлга олинди

Наманаган шаҳрида 12 октябрь куни фуқаронинг 50 миллион сўмлик 9 дона тилла тақинчоғини 2 дона сариқ металдан ясалган занжирга алмаштириб, пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган аёллар қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 23 октябрь куни Наманган шаҳрида яшовчи аёл Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, унда 12 октябрь куни Чортоқ туманида яшовчи муқаддам Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан судланган аёл ва унинг 18 ёшли синглиси аризачининг яшаш уйига келиб, унинг ишончига кирган. Шундан сўнг тилла тақинчоқларни сотишини айтиб, умумий нархи 50 миллион сўмлик 9 дона тилла тақинчоқни 2 дона сариқ металдан ясалган занжирга алмаштириб олиб кетганликларини айтиб, чора кўришни сўраган.

Ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси шаҳар тергов бўлими томонидан 30 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот ўрнида, юқоридаги жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Наманганда жиноят содир этиб, терговдан яширинган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.