Наманган шаҳрида 2 та «Spark»ни 26 минг долларга олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланди
Наманган шаҳрида 10 октябрь куни фуқародан 2 та «Spark» автомобилини 26 минг 200 долларга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Унга кўра, 2020 йил январь ойида Наманган шаҳрида яшовчи таниши 2 та «Spark» автомашинаcини 26 минг 200 долларга сотиб олишга келишган. Шундан сўнг 500 долларни бериб, қолган пулларини ҳар ойда 350 доллардан 3 йил давомида беришини айтган. Натижада автомашиналарни бошқа шахсга сотиб юборганлигини бироқ пулларни бермаётганини маълум қилиб, чора кўришни сўраган.
Ушбу ҳолат бўйича шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 17 октябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот ўрнида юқоридаги жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Аввалроқ Намангандан ҳоким орқали ер олиб беришини айтиб, фуқарони 34 минг долларга «ухлатган»лар ушлангани ҳақида хабар берилганди.