Ўзбекистонда 1 ноябрдан давлат солиқ хизмати органи бошқарув ходимлари сони 10 фоизга қисқартирилади

Шавкат Мирзиёевнинг «Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони 30 октябрь куни қабул қилинди. Фармон билан 2020 йил 1 ноябрдан давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимлари сони 10 фоизга қисқартирилади.

Фармонга мувофиқ 2021 йил 1 январдан:

  • 2022 йил 1 январгача умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлар белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмаслиги тартиби жорий этилади;
  • риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар учун айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади;
  • қурилиш корхоналарига меҳнатга ҳақ тўлаш фонди жами миқдорининг 10 фоизидан ошмаган ҳажмда (ижтимоий солиқ суммасини ҳисобга олмаганда) иш ҳақини нақд пулда тўлаш ҳуқуқи билан шартнома тузмасдан ишчилар ёллашга рухсат берилади.

Қайд этилишича, фармон билан яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар ташкил этилди. Солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш чораларини кўриш комиссиянинг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Маълум қилинишича, 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларида онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR-код ёки фискал белги асосида совринли ўйинларни ўтказиш амалга оширилади. Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таркибида Яширин иқтисодиётни таҳлил қилиш бошқармаси, Давлат солиқ қўмитаси таркибида Солиқ назорати департаменти ташкил этилди.

Таъкидланишича, 2020 йил 1 ноябрдан давлат солиқ хизмати органлари бошқарув ходимлари сони 10 фоизга қисқартирилади. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати ва божхона хизмати органларининг мансабдор шахслари назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширувларни ўтказиш учун ҳафтасига 16 иш соатидан кўп бўлмаган муддатга жалб қилиниши мумкин. Бунда улар фақат солиқ, божхона ва валюта қонунчилигига риоя қилишга доир текширувларни ўтказиш учун жалб қилинади.

Aввалроқ 29 октябрь куни Шавкат Миризёевнинг «Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилингани ҳамда Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари давлат тилида тан олиниши лозимлиги белгилангани ҳақида хабар қилинганди.