Самарқандда математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди

Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори 30 октябрь куни қабул қиниб, Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернат ташкил этилди. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, мазкур қарор вилоятда ёшларни қўллаб-қувватлаш, улғайиб келаётган ёш авлодни илм-фанга қизиқтириш ва уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, математика ва физика фанлари учун юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг узлуксиз тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, Самарқанд шаҳар Сартепа масканида жойлашган собиқ 10-меҳрибонлик уйи бино ва иншоотлари янги мактаб-интернет учун ажратилган.

Маълум қилинишича, қуйидагилар ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда математика, физика, информатика ва инглиз тилини чуқур ўқитилишини ташкил этиш;
  • математика ва физика фанлари бўйича иқтидорли ўқувчиларни танлаш, уларга ушбу фанлардан замон талаблари даражасида чуқурлаштирилган билим бериш, олий таълим тизими учун юқори интеллектуал салоҳиятли ёшларни тайёрлаш;
  • ўқувчиларнинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш ва фаоллаштириш;
  • ҳар бир ўқувчининг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мустақил тадқиқотчилик фаолияти кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантириш;
  • юқори касб маҳоратига эга бўлган маҳаллий ва хорижий мамлакатлардан тажрибали ўқитувчиларни жалб қилиш;
  • иқтидор ва истеъдодни аниқлаш ҳамда камол топтириш бўйича ўқувчиларни республика ва халқаро фан олимпиадалари, танловлар ва бошқа тадбирларда қатнашишга тайёрлаш.

Қайд этилишича, ихтисослаштирилган мактаб-интернат фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 7 августдаги «Aйрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори талаблари асосида йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанддаги 10-меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиши ҳамда Марғилондаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи ёпилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирилгани ҳақда хабар қилинганди.