Ўзбекистонда байрамларда дам олиш кунлари муддати белгиланди

«Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент Фармони лойиҳаси 28 декабрь, душанба куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фото: «Data.org»

Лойиҳага кўра, Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамлари, Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ҳамда Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар 3 кундан кам бўлмаган муддат белгиланади.

Ҳар йили 1 декабрга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан келгуси йил учун байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар тақвими эълон қилиб борилади.

Мамлакат бўйлаб саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган «Турист паспорти» жорий этилади ва унинг доирасида энг фаол сайёҳлар мукофотланиб борилади.

Ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи 5 иш кунидан кам бўлмаган «оилавий зиёрат таътили» тизими жорий қилинади. Бунда «оилавий зиёрат таътили» йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб саёҳат қилишни рағбатлантириш мақсадида меҳнат жамоалари орасида «Саёҳат етакчиси» тизими жорий қилинади. Бунда, туризм мавсуми паст бўлган даврда ўз меҳнат жамоаларига саёҳатлар ташкил қилган энг фаол 1000 нафар «Саёҳат етакчиси»га йил якуни билан Ўзбекистон бўйлаб турли саёҳатлар бепул асосда тақдим этилади;

Бундан ташқари, Зиёрат туризми ва ички туризмни ривожлантиришда Андижон–Урганч–Андижон авиарейсини йўлга қўйиш ва Андижон–Хива–Андижон темирйўл рейслари сонини оширилади. Авиа ва темирйўл чипталари туроператорлар томонидан сотиб олинган тақдирда (жойлаштириш воситаларида камида бир кеча тунаб қолиш шарти билан) 30 фоизлик чегирма жорий қилиниши кутилмоқда.

Ушбу механизм 2021 йил 1 июлдан бошлаб Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида, 2021 йил 1 апрелгача Термиз–Қарши–Хива йўналиши бўйича доимий темирйўл қатновини йўлга қўйилади.

Маълумот ўрнида, фармон муҳокамаси 2021 йил 12 январга қадар давом этади.