Сирдарё ва Сурхондарёда қўшни мамлакатдан олиб келинган 77 кг наркотик моддалар аниқланди

Сирдарёда ўтказилган тезкор тадбирда Тожикистон Республикасидан контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, «ўзбек-тожик» давлат чегарасининг Ховос тумани Шарқобод маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида тожикистонлик наркокуръерлар томонидан чегара сим тўсиқлари устидан улоқтирилган 6 дона сумкаларни қабул қилиб олган вақтларида 1983 ва 1990 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро чегара наряди томонидан ушланади.

Мазкур сумкалар холислар иштирокида кўздан кечирилганда, уларнинг ичида 8 кг 314 гр «героин» ва 54 кг 458 гр «опий» моддалари борлиги маълум бўлади.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Сариосиё туманида умумий ўрта таълим мактабларидан бирида ўқитувчи бўлиб ишловчи, 1984 й.т. фуқаро муқаддам тожикистонлик наркокуръерлар келтириб берган 14 кг 680 гр «опий» моддасини шартли харидорга 180 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ҳозирда наркосавдогарнинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Ўзбекистон