Тошкентда вояга етмаган фарзандлари машина ҳайдагани учун ота 5 суткага қамалди

Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан бирида эгизак фарзандлари машина ҳайдаб юргани юзасидан ота қўлга олинди, деб хабар бермоқда ИИВ Жамоат хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати.

Маълумотларга кўра, ҳодиса Яккасарой туманида содир бўлган. Фуқаро Н.А.нинг вояга етмаган ўғиллари маҳалла кўчаларида автомобилни жуда юқори тезликда бошқарган. Бу эса кўчада ўйнаётган болалар ҳамда йўлдан ҳаракатланаётган кекса ёшдагилар учун жиддий хавф туғдирган.

Шундан сўнг, 7-март куни соат 21:00 да қўшнилардан бири Н.А.нинг уйига келиб, вазиятни муҳокама қилиб, болаларга танбеҳ беришни сўраган.

Ота ўғилларини тўхтатиш ўрнига уларни ҳимоя қилишни бошлаган. Воқеа гувоҳларининг сўзларига кўра, у қўшнисини ҳақоратлаган, баланд овозда бақирган ва маҳалла тинчини бузган, — дейилади видео хабарда.

Суднинг 8 мартдаги қарори билан 45 ёшли Н.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик кодексининг 183-моддаси (майда безорилик) билан 5 суткалик қамоқ жазоси тайинланди. Болалар бошқарган автомашина мусодара қилинди.

Ўзбекистон