Зоир Мирзаев ҳеч бир вилоятда бўлмаган маблағ Қашқадарёни ривожлантириш учун ажратилишини маълум қилди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Президентнинг Қашқадарёга ташрифидан сўнг вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича аниқ стратегиялар борлиги, бунинг ҳисоб-китобини олгани ва ҳеч бир вилоят учун ажратилмаган маблағ Қашқадарё вилоятига ажратилаётгани ҳақида журналистларга интервью берди.

Фото: «Tez News»

«Ташрифга узоқ тайёргарлик кўрилди ва бунинг натижаси шу бўлдики, олдимизда эртанги кун нима бўлади, деган савол турганди. Ана ўша саволга ечим топдик. Кечаси билан ҳисоблаб чиқдим: вилоятдаги қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва инвестиция, умуман, барча соҳаларни ривожлантириш учун ажратиладиган умумий маблағ 28,2 триллион сўмни ташкил этади. Буни ким қилади, деган савол туғилади. Бу ишларни тадбиркорлар, Қашқадарё халқи қилади. Мен нима учун ишонч билан гапиряпман? Муҳими, барча ишларни қилиш учун маблағ бор, коммуникация бор, уни бажарадиган жой бор, тиллога тенг ери бор», — деди Зоир Мирзаев.

Шунингдек, ҳоким бу маблағ республикада энг юқори кўрсаткич эканлигини, шу пайтга қадар ҳеч бир вилоятга бунча маблағ ажратилмаганлигини таъкидлаган.

Фото: «Tez News»

«Конфуцийнинг бир гапи бор: мақсадсиз йўлга чиққан одам балога йўлиқади. Ҳеч кайси раҳбар идорасидан мақсадсиз чиқиши керак эмас. Бугун чиқдимми, ҳеч бўлмаса, иккита тадбиркор масаласини ҳал қиламан, иккита ёшнинг муаммосини ҳал қиламан, тўртта оила билан гаплашаман, дея мақсад қўйиши керак. Халкимизда бир гап бор — ҳаммаси ниятга боғлиқ. Фақатгина шижоатни сўндирмасак, бас», — деди вилоят ҳокими Зоир Мирзаев.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев 13 ноябрь, жума куни вилоят фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказган. Унда вилоятнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати танқидий таҳлил қилинган. Хусусан, Президент бу ерга келишдан асосий мақсад — қашқадарёликлар билан бирга ҳудуд ривожига кучли туртки бериш бўйича аниқ вазифа ва чора-тадбирларни белгилаб олиш эканлигини айтиб ўтган. Қашқадарё ўзининг салоҳиятига мос яшамаётганлигини, мамлакатнинг кўпгина ҳудудларидан анча орқада эканлигини таъкидлаган.

Шунингдек, ҳокимларнинг таклифлари ва вилоятдаги муаммоларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, тадбиркорлик асосий йўналиш этиб белгиланган. 2021 йил Қашқадарё вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш йили деб эълон қилинган. Бу борада манзилли ишлаш учун туман ва шаҳарларга вазирлар, тармоқ ва банклар раҳбарлари бириктирилган.

Аввалроқ Қаршида Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси очилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар