Ўзбекистонда ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади

Президент Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни ёшларни спортга кенг жалб этишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон – 2030» стратегияси ҳамда Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили бўйича ёшларга имконият яратилмоқда. 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда.

Масалан, жамоавий спорт турлари бўйича «Маҳалла лигаси» ва «Мактаб лигаси» мусобақаларини йўлга қўйиш таклиф этилмоқда. Давлат олий таълим муассасаларида спорт клублари ташкил қилиш, улар ўртасида «Талабалар лигаси», «Вазир кубоги» ва «Ректор кубоги» каби мусобақалар ўтказиб бориш кўзда тутилмоқда.

Жамоавий спорт турлари бўйича миллий лигалар қўллаб-қувватланади. Маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий спорт клублари тузилади. «ЭРП Спорт» электрон тизимида иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва селекция қилиш жорий этилади.

Ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Таклифга кўра, ҳафтанинг ҳар пайшанбаси жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади. Жалб қилинган ёшлар сони ҳамда эришилган натижаларга қараб, спорт мактаблари ходимларига устама берилади. Шунингдек, инфратузилмадан келиб чиқиб, муассасалар муайян спорт турларига ихтисослаштириб борилади.

Тизим мактабларида оммавий спорт бўйича тренер-селекционер лавозимини жорий этилиб, уларга бештагача маҳалла ва таълим муассасалари бириктирилади. Маҳаллаларда тўгараклар ташкил этган тренерлар қўшимча рағбатлантирилади.

Ўзбекистон