Аҳад Қаюм бошловчи Амирхон Умаров ютуқли ўйинда ғирромликка йўл қўйгани тўғрисидаги видеога муносабат билдирди

Продюсер ва актёр Аҳад Қаюм 18 январь куни ўзининг Instagram’даги саҳифасида Амирхон Умаров бошловчилик қилган лотореяда ғирромликка йўл қўйилгани тўғрисидаги хабарларга муносабат билдирди.

Коллаж: «Tez News»

Таъкидланишича, актёрнинг ўзи ҳам ютуқли ўйин ўтказилган «Booknomy» компанияси билан ҳамкорликда ишлайди ва ҳозирда ўйин ғолибларига машиналарни тарқатиб юрибди.

«Амирхонга нисбатан бўлаётган гап-сўзлар, туҳматлар ҳақида гапирмоқчи эдим. Туҳматлар дейишимнинг сабаби мен жуда кўп вақтдан бери бу компания билан биргаликда ишлайман. Ҳар доим бу компанияни реклама қиламан. Компанияга нисбатан бўлаётган туҳматлар ҳақида гапирмоқчи эдим.

Янги йил арафасида 17 та машина, яъни иккита ‘Malibu’ ҳамда 15 та ‘Nexia-3’ автомобили ўйналди. Жудаям ҳалол, жудаям тўғри ўйналди. Фақат эфир пайтида ўйин тез ўйналгани учун шошилинчда Амирхон битта рақамни адашиб айтиб юборган. Ҳамма ҳам адашиши мумкин.

Амирхоннинг қандай ишлашини, қанча одамнинг ҳожатини чиқаришини биламиз. У болага бунинг орқасидан пиар ёки интриганинг кераги йўқ. Буни у боланинг фаолиятини кузатадиганлар жуда ҳам яхши билади», — дейди Аҳад Қаюм.

Аввалроқ хоразмлик блогер мазкур ҳолатнинг атайин уюштирилганини таъкидлаб, билет рақами айтилганда сонлар тартиби бошқа, кейинчалик эса бошқача бўлиб қолганини айтган. Блогер эфир пайтида Амирхон Умаровга қулоқчин орқали нимадир дейишганини қайд этиб, инсон адашганда бир марта хато рақам айтишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Аҳад Қаюм «Очиқчасига гаплашамиз» ток шоусида фильмларига бўлаётган танқидларга жавоб берганди.

Шоу-бизнес