«Бундан қиммат нархга бўлса ҳам олинарди». Аҳад Қаюм аукционда харид қилинган 600 млн сўмлик авторақам ҳақида гапирди

Таниқли продюсер ва актёр Аҳад Қаюм Instagram’даги саҳифасида 4 январь куни UZEX биржаси аукционида харид қилинган 637 миллион 668 минг сўмлик «30 Z 777 ZZ» авторақами бўйича маълумот берди.

Фото: Instagram / @ahadqayum_prodyuser

Қайд этилишича, ушбу рекорд даражадаги нархга сотилган рақам ишида ҳеч қандай ёлғон аралаштирилмаган.

«Бугун аукционга қўйилган рекорд даражадаги нархга сотилган 3 та 7 рақами ҳақида ўз фикримни айтмоқчи эдим. Бу ерда ҳеч қанақа ёлғон аралаштирилмаган, ҳеч қанақа кимнингдир орқасидан пиар ҳам қилинмади. Бу рақам нега бу нархга сотилгани бўйича қизиқманглар.

Бизнес бор, тадбиркорлик бор. Бунинг учун озгина ўзининг қонун-қоидалари бор. Ўша мақсадда баъзи бир ишлар қилинади. Самарқандда бизнинг ўзига яраша ишларимиз, ўзига яраша тадбиркорлигимиз бор, дўстларимиз бор.

Санъат акам билан биз кўпдан бери қилган режаларимиз ҳам бор. Бу — ўша режаларимизнинг бир қисми. Буни оммавий ахборот воситаларида нотўғри талқин қилиб юбориш керак эмас. Кимдир нимадир олган бўлса, омадини берсин, дейиш керак. Худо хоҳласа, нима сабабдан бунақа қилинганлигини вақти келганда билиб оласизлар. Санъат ака, раҳмат сизга, соғ бўлинг», — дейди продюсер тармоққа юклаган видеосида.

Аҳад Қаюм ушбу видео изоҳига «Бундан қиммат нархга бўлса ҳам олинарди бу рақам», деб ёзиб қолдирган.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд вилояти учун 14 декабрь куни аукцион сотувга чиқарилган исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам 4 январь куни 637 миллион 668 минг сўмга сотилгани ҳақида хабар берилганди. «Авторақам» хизматининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилинишича, ушбу рақамни продюсер, актёр Аҳад Қаюм сотиб олган.

Маълумотларга кўра, «30 Z 777 ZZ» авторақами 596 миллион 525 минг сўмга сотилган. Ушбу рақамни расмийлаштириш учун қўшимча 41 миллион 143 минг сўм харажат қилиш керак. Шундай қилиб, UZEX биржаси тарихидаги биринчи «чиройли рақам» 637 миллион 668 минг сўмга сотилган.

Янгиликлар