Аукционга қўйилган илк «чиройли рақам» — «30 Z 777 ZZ» қанчага сотилгани маълум бўлди

Самарқанд вилояти учун 14 декабрь куни аукцион сотувга чиқарилган исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам 4 январь кунига қадар 556 миллион 385 минг сўмга чиққани ҳақида хабар берилганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, «30 Z 777 ZZ» авторақами 596 миллион 525 минг сўмга сотилган. Ушбу рақамни расмийлаштириш учун қўшимча 41 миллион 143 минг сўм харажат қилиш керак. Шундай қилиб, UZEX биржаси тарихидаги биринчи «чиройли рақам» 637 миллион 668 минг сўмга сотилди.

Скрин: «Avtoraqam.uzex.uz»

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу рақам аллақачон сотилгани ҳақида хабар тарқалганди. Суратда «30 Z 777 ZZ» авторақами тақилган «Malibu» Самарқанд кўчаларида ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Кейинчалик Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди. Маълум бўлишича, ҳозирда ушбу давлат рақам белгиси вилоят ИИБ ЙҲХБ ихтиёрида сақланмоқда. «Malibu» русумли машинадаги рақам фотошоп дастури орқали қўйилган. Ушбу рақам аукцион орқали сотиб олган фуқарога тегишли тартибда расмийлаштирилади.

Шунингдек, вилоят ИИБ тарқалган иккинчи видео юзасидан ҳам изоҳ берган. «Ушбу рақам оқ рангли «Malibu» автомашинасига қўлбола ясаб ўрнатилганлиги акс этган видео ҳам тарқалди. Ҳозирда ушбу ҳайдовчини аниқлаш чоралари кўрилмоқда», дейилади хабарда.

Фото: Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати

Маълумот ўрнида, «UZEX Avtoraqam» сайтида ушбу аукционнинг тугаш муддати 4 январь соат 14:50 этиб белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, авторақамлар онлайн аукционида исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам «30 Z 777 ZZ» 14 декабрь куни Самарқанд вилояти учун сотувга чиқарилган. Мазкур давлат рақамининг бошланғич нархи 111 миллион 500 минг этиб белгиланган. 4 январь ҳолатига эса унинг нархи ярим миллиард сўмдан ошган.

Янгиликлар