Аҳад Қаюм фильмларига бўлаётган танқидларга жавоб берди

Шоир, актёр, продюсер, режиссёр Аҳад Қаюм «Очиқчасига гаплашамиз» ток шоусида ўз ҳомийлигида олинган фильмлар ҳақидаги баҳс-мунозараларга муносабатини билдириб ўтди.

Аҳад Қаюмнинг сўзларига кўра, унинг жамоасида 20 га яқин киши фаолият олиб боради. Шунингдек, актёр ўзини ҳеч қачон профессионал ижодкор дея ҳисобламаганини таъкидлаган.

«Жамоамизда 20 та одам ойлик олади. Ҳар куни дубляж ва монтаж студиялари иш жараёнида бўлади. Ҳар ойда жамоа аъзоларига 200–300 миллион сўм ойлик тарқатамиз.

Хиёнат ё бошқа нарса орқали томошабинларга бир яхшиликни кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Бизни ҳеч қачон ҳеч қаерда профессионалликка даъвомиз бўлмаган. Биз устозларимиз ва профессионалларга нисбатан ҳар доим, ўзимиздан кичик бўлса ҳам, устоздек гаплашишга ҳаракат қилганмиз», — дейди продюсер.

Кадр: YouTube

Кўрсатув давомида шоир ҳозирги кунда нима учун кўплаб режиссёрлар ижодда эмаслиги ҳақида фикр билдирган.

«Жудаям кўп режиссёрларимиз фаолияти тўхтаб қолганига асосий сабаб, Азиз ака айтганидек, маркетинг деган нарса умуман йўқ. Мен гаров ўйнашим мумкин, 90 фоиз режиссёрнинг ушбу шаҳарда юзлаб одамлардан қарзи бор. Менда ҳаммаси ҳақида маълумот бор», — деган Аҳад Қаюм.

Продюсер сўнгги вақтларда олаётган фильмларига жамоатчиликнинг фикрини билгач, қандай фикрда эканлигига ҳам тўхталган.

«Санъат институтларини тугатган ёшларимиз менинг фильмларимда режиссёрлик қилган, институтни тугатмаганлари ҳам бор. Жудаям кўпчилиги умуман бошқа соҳада: таксистликдан тортиб Россияда ишлаб юрганларгача бор. Ўзимнинг фикрим ҳам уларникидан бошқача эмас. Биз ҳали йўлдамиз», — деган режиссёр.

Аввалроқ хонанда Санжай ўзбеклар ўртасида бирдамлик йўқлигини айтгани учун танқид қилингани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Комил Алламжонов хусусий телеканалларда хорижий серилларни камайтириш ҳақидаги баҳсларга муносабат билдирган.