Қашқадарёда ЙПХ ходимига нисбатан интизомий жазо қўлланди

Қашқадарёда ЙПХ ходимига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.

Фото: yhxxb.uz

Хабарга кўра, 28 январь куни ижтимоий тармоқда тарқалган видео-лавҳа юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилган. Ўрганишлар натижасида, 20 январь куни белгиланган тақсимот асосида 4Р-79 «Қарши–Чим–Чироқчи–Шаҳрисабз» автомобиль йўлининг 6-километрида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Ж.Қурбонов томонидан «Nexia» русумли автомобиль 1.1 йўл ётиқ чизиғини босиб ҳаракатлангани учун тўхтатилган ва ҳайдовчи Б.Х. га маъмурий баённома расмийлаштирилган.

Аммо тасдиқланган схемада кўрсатиб ўтилган 5.11.1, 7.1.1, 5.8.1, 1.6, 1.1  чизиғига яқинлашаётганлик ҳақида огоҳлантирувчи йўл чизиғи чизилмаганлиги маълум бўлди.

Таъкидланишича, ўтказилган хизмат текшируви хулосасида, республика Ички ишлар вазирининг меъёрий буйруғи талабларини бузганлиги учун Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими Ж.Қурбоновга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланган ва фуқаро Б.Х. га нисбатан расмийлаштирилган маъмурий баённома Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 271-моддаси  (Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 1-қисмининг 1-банди тартибида бекор қилинган.

Янгиликлар