Ҳиндистонда 240 дан ортиқ йўловчиси бўлган самолёт ҳалокатга учради
Аҳмадободда бугун эрталаб Air India авиакомпаниясининг Лондон йўналишида парвоз қилаётган самолёти ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, Аҳмадободдаги Мегҳани ҳудудида ҳалокатга учради. Бу ҳақда Times of India Фуқаро авиацияси бош бошқармаси (DGCA)га таяниб хабар берди.
Ҳалокат юз берган самолётда жами 242 киши, жумладан, 2 нафар учувчи ва 10 нафар экипаж аъзоси бўлган.
Ҳиндистон Фуқаро авиацияси бошқармаси маълумотига кўра, ҳалокатга учраган ҳаво кемаси — Boeing 787 Dreamliner, борт рақами VT-ANB, Air India’нинг АI-171 рейси бўлиб, Аҳмадободдан Лондондаги Гатвик аэропортига йўл олган бўлган.
Ҳалокат сабаблари ҳозирча номаълум. Расмийлар воқеа юзасидан тергов бошлаган.
Ҳиндистон Ички ишлар вазири Амит Шаҳ Гужарат бош вазири Бхупендра Патeл билан ҳолатни муҳокама қилган ва марказий ҳукуматдан зарур ёрдам кўрсатилишини билдирган. Air India ҳодисани тасдиқлаб, ҳозирча батафсил маълумотлар тўпланаётганини маълум қилган. Авиакомпания ўзининг расмий вебсайти ва ижтимоий тармоқлари орқали янгиланишларни эълон қилиб боришини билдирган.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятларга қарши курашиш миллий кучларининг 3 та гуруҳи (жами 90 киши) Гандҳинагардан, яна 3 та гуруҳ эса Вадодарадан юборилган.
Лок Сабҳа депутати Юсуф Патҳан ҳодиса юзасидан чуқур ташвиш билдирар экан, барча йўловчилар ва экипаж аъзолари учун хавотир изҳор қилиб, уларнинг омонлиги учун дуо қилишга чақирди.
Воқеа тафсилотлари юзасидан расмий идоралар томонидан қўшимча маълумот берилиши кутилмоқда.