Аҳоли даромадини ошириш учун кредит ажратилади

2025 йилда аҳолининг даромад манбаларини кенгайтириш учун 500 млрд сўмлик имтиёзли кредит ажратилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланди.

Унга кўра, «Халқ банки», «Микрокредитбанк», «Туронбанк» ва «Алоқабанк» томонидан 500 млрд сўм кредит ажратилиши режалаштирилган.

Бу маблағ 30 та туманда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва кооперация асосида маҳсулот харидини ташкил этиш йўналишларига йўналтирилади. Кредитлар балиқчилик, қуёнчилик, чорвачилик, асаларичилик каби фаолият турларини қамраб олади.

Қуйидагилар маҳаллаларда кооперация тизимини ташкил этиш орқали аҳолининг даромад олиш манбаларини кўпайтириш ва ишсизликни бартараф этишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

• маҳаллаларнинг ихтисослашув йўналишларини аниқлаш, ихтисослашувни кенгайтиришга доир янги лойиҳаларни амалга ошириш;

• аҳолининг доимий даромад олиш манбаларини янада кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилиб ишлашини кенгайтириш чораларини кўриш;

• маҳаллаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган ташаббускорларни бизнес асосларига ўргатиш;
аҳоли томорқа ва деҳқон хўжаликларига қарашли ерлардан самарали фойдаланиш, даромадлилигини янада ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур асбоб-ускуна ва хом ашё билан имтиёзли кредит асосида таъминлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган (етиштирилган) маҳсулотларни сотишга кўмаклашиш жараёнларини ташкил этиш учун кооперация асосида тадбиркорлик субъектларига бириктириш;

• тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш ва фаолиятини мониторинг қилиб бориш, етиштириладиган маҳсулотнинг (кўрсатиладиган хизматнинг) бозорини топишда ёрдам бериш.

Кооперация асосида аҳолининг даромад олиш манбаини ошириш учун кооперация ташкил этадиган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларига банк кредитлари учун фоиз харажатлари бир қисмини қоплаб бериш кўзда тутилган.

Бунда «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан кредит фоиз харажатларини компенсация қилиш жамғармаси ҳисобидан Марказий банк асосий ставкасидан 4% лик пункт юқори ва асосий ставканинг 1,75 бараваридан ошмаган ставкада миллий валютада 5 миллиард сўмгача ажратиладиган кредитлар бўйича ҳудуд тоифасидан келиб чиқиб, асосий ставканинг 40% игача миқдорда 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда «1+2» тамойили асосида компенсация тақдим этилади.

Шунингдек, кичик ва ўрта тадбиркорлик субектларига аҳолининг ишсиз қатламлари билан тузилган кооперация шартномалари асосида 1 млрддан 5 млрд сўмгача кредит ажратилиши мумкин:

• 30 тагача шартнома тузадиганларга — 1 млрд сўмгача;

• 31 тадан 100 тагача шартнома тузадиганларга — 3 млрд сўмгача;

• 101 тадан ортиқ шартнома тузадиганларга — 5 млрд сўмгача.

Кооперация доирасида ҳар бир фуқаро билан ягона шартнома тузилади. Ишсиз фуқаролар эса белгиланган тартибда тадбиркорлик субекти, деҳқон хўжалиги ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларига бир ой муддатда маҳаллий аҳолининг турмуш даражаси, эҳтиёж ва имкониятларини ўрганиш вазифаси юклатилган. Бу жараёнда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда тижорат банклари билан ҳамкорликда иш олиб борилади.

 

 

Қарорлар