Тошкентда хориждан олиб келинган 4,4 кг синтетик наркотик моддаси аниқланди

Ҳозирда гумонланувчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистонда хориждан олиб келинган катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари муомаласи тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар беради.

Жумладан, «Бангкок – Шаржа – Тошкент» авиайўналишида мамлакатга келган 1994 й.т. Қозоғистон Республикаси фуқаросининг қўл сумкалари Тошкент халқаро аэропортида текширувдан ўтказилади.

Натижада, 8 дона турли хил ширинликлар пакетлари ва 5 дона пластмасса идишлар ичида жами 4,4 кг «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланади.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, интернетдаги наркодўкон бошқарувчиси топшириғига кўра, ушбу ажал оғусини пойтахтдаги меҳмонхоналардан бирида Янгийўл шаҳрида яшовчи, 2006 й.т. шахсга берган вақтида у ҳам қўлга олинади.

Шу билан бирга, текширув жараёнида маҳаллий фуқаро ёнида пневматик пистолет борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон