Ўзбекистонда семизлик ва 2-турдаги қандли диабетни даволаш учун мўлжалланган биринчи тирзепатид — GEROPHARM компаниясининг препарати давлат рўйхатидан ўтказилди
Қайд этилишича, дори воситаси таркибидаги тирзепатид моддаси организмдаги иккита инкретин гормони рецепторларини фаоллаштиради

Натижада очлик ҳисси ва юқори калорияли озиқ-овқатга бўлган иштиёқ камаяди, бу эса тана вазни, висцерал ёғ тўқимаси ҳажми ҳамда бел айланаси қисқаришига ёрдам беради.
Ўзбекистонда тирзепатид асосидаги Sejaro препарати давлат рўйхатидан ўтказилди. Ишлаб чиқарувчи GEROPHARM компаниясига кўра, препарат семизлик ва 2-тур қандли диабетни даволаш учун мўлжалланган.
Таъкидланишича, препарат Американинг Eli Lilly компанияси ишлаб чиққан Mounjaro препаратига биоэквивалент ҳисобланади.
Тирзепатид организмдаги иккита инкретин гормони рецепторларига таъсир қилиб, иштаҳани камайтиради ҳамда юқори калорияли озиқ-овқатларга бўлган эҳтиёжни пасайтиради. Шунингдек, у ички аъзолар атрофида тўпланадиган висцерал ёғ тўқимаси ҳажмини камайтиришга ҳам ёрдам беради.
Халқаро клиник тадқиқотларда қандли диабет ташхиси қўйилмаган беморларда тирзепатидни 72 ҳафта давомида қўллаш тана вазнининг 22,5%гача камайишига олиб келган. Шунингдек, бел айланаси ўртача 14,6 сантиметрга қисқаргани ҳам қайд этилган, – дейди компания вакили.
Препарат тери остига юбориш учун мўлжалланган шприц-ручка кўринишида ишлаб чиқарилади. У 2,5 мг, 5 мг, 7,5 мг, 10 мг, 12,5 мг ва 15 мг дозаларида тақдим этилади ҳамда ҳафтасига бир марта қўлланади. Доза шифокор тавсиясига кўра босқичма-босқич оширилади.
Sejaro рецепт асосида бериладиган дори воситаси бўлиб, уни қўллаш бўйича қарор фақат шифокор томонидан беморнинг индивидуал ҳолати ва тасдиқланган кўрсатмаларга мувофиқ қабул қилинади.
Маълумот ўрнида, GEROPHARM Ўзбекистон бозорида 20 йилдан буён фаолият юритиб келади. Компания аввалроқ мамлакатда семаглутид асосидаги Semavik ва Semavik Next препаратларини ҳам рўйхатдан ўтказган. IQVIA маълумотларига кўра, 2025 йил апрелидан 2026 йил мартгача ушбу препаратларнинг умумий бозор улуши қиймат жиҳатидан 55,8% ташкил этган.





