Шавкат Мирзиёев Туркманистон президенти билан музокаралар ўтказди

17 ноябрь куни Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон етакчиси Сердар Бердимуҳамедовнинг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Ушбу давлат ташрифи сўнгги йилларда намунали тус олган Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлиши таъкидланди.

Хусусан, барча соҳаларда эришилаётган ижобий суръат ва фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йили товар айирбошлаш 1 миллиард доллардан ошгани таъкидланди. Юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда, жумладан, Туркманбоши портидан фойдаланиш фаоллашгани билдирилди.

Музокараларда ўзаро савдони кўпайтириш ва саноат, энергетика, транспорт, машинасозлик, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида самарали кооперацияни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудлараро алмашинувларни янада кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди. Хива шаҳрида учинчи Ҳудудлар форумини ўтказишга келишиб олинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

AI News