Энди Ўзбекистонда 15 дақиқада бизнес очиш мумкин

Президент Шавкат Мирзиёев «бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойилини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолади, деб хабар қилди Адлия вазирлиги.

Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад этиб тадбиркорларнинг маъмурий харажатларини 90 млрд сўмгача қисқартириш, давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик жараёнларида 15 кунгача вақтини тежаш эканлиги билдирилди.

Унга кўра, 2026 йил 1 январдан «Бизнесни 15 дақиқада бошлаш» тамойили асосида тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказишда бир вақтнинг ўзида қуйидаги хизматлар кўрсатилади:

• электрон рақамли имзо калитини бериш;

• банк ҳисобварақларини очишга ариза топшириш ҳамда уларни фаоллаштириш;

• айрим фаолият турлари бўйича лицензия, рухсатнома олишга ариза ёки хабарнома юбориш;

• кўчмас мулк ижара шартномасини расмийлаштириш;

• ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини олиш;

• онлайн назорат-касса машиналарини онлайн равишда харид қилиш ва уларни солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш;

• юридик шахс раҳбарини тайинлаш ва уни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобга қўйиш.

AI News