Зўравонликдан жабр кўрган болаларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тартиби белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан зўравонликдан жабрланган, ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларга ижтимоий хизматларни ташкил қилиш чора-тадбирлари белгиланди.

Хусусан, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланиб, президентнинг фармонига мувофиқ 2026-2030 йилларда болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси тасдиқланган. Унда давлат муассасаси шаклида болаларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий интеграция қилиш маркази ҳамда унинг Самарқанд, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларидаги ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш назарда тутилган.
Жумладан, марказ фаолиятининг асосий йўналишлари:
• зўравонликдан жабр кўрган, зўравонлик хавфи остида бўлган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болаларни жамиятга интеграция қилиш муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
• ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг психоэмоционал ҳолати ва хулқ-атворини барқарорлаштиришга қаратилган ижтимоий, шу жумладан психосоциал хизматларни ташкил этиш, ота-оналарни психологик ва педагогик қўллаб-қувватлаш;
• «Меҳрли оила» хизматини ташкил этиш, шу жумладан ушбу хизматларни кўрсатувчи мутахассисларни ўқитиш ва мувофиқлаштириш;
• ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари ишлари бўйича давлат ва нодавлат ташкилотларига ижтимоий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан, уларга процессуал ҳаракатларда ҳамроҳлик қилишда услубий ёрдам кўрсатиш;
• болаларни ижтимоий реабилитация қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар, шунингдек, оила аъзоларининг малакасини ошириш ишларини ташкил этиш;
• якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларни ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли, шу жумладан 24 соатлик хизматлар кўрсатиш жараёнига жалб қилиш.
Натижада, 2026 йил 1 мартдан бошлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари билан ишлашнинг янги тартиби йўлга қўйилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг ота-оналари (уларнинг ўрнини босувчи шахслар) тўғрисидаги маълумотлар ушбу шахсларнинг ҳаётий ҳолатини дастлабки баҳолаш натижалари билан бирга Интеграция марказига ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига юборилади.
Якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари учун қисқа муддатли ва узоқ муддатли, шунингдек, кеча-кундуз ижтимоий хизматлар кўрсатишни ташкил этади.
Хизматлар ҳар бир болага индивидуал тарзда кўрсатилади. Бунда тадбиркор ёки юридик шахсга ҳар бир соат учун БҲМнинг 12 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Вилоят марказлари ва Нукус шаҳрида ташкил этилган ижтимоий хизматлар учун ажратиладиган субсидиялар 1,1 коэффициентга, Тошкент шаҳри учун 1,3 коэффициентга ўзгартирилмоқда.
Шу билан бирга, 24 соатлик хизмат кўрсатилганлиги учун ҳар бир ижтимоий ҳимояга муҳтож 7 ёшгача бўлган бола учун ҳар бир кун учун БҲМнинг 27 фоизи, 7 ёшдан катталар учун БҲМнинг 33 фоизи миқдорида субсидия ажратилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар ва уларнинг оилалари аҳволи «Инсон» ижтимоий ёрдам маркази томонидан ҳар ойда кузатиб борилади.





