Туркияда қалбаки алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 14 тага етди
16 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли оқибатида яна 4 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди, уларнинг барчаси эркак, деб хабар бермоқда Истанбулдаги Бош консулхона.
14 январь куни 6 нафар, 15 январь куни эса 4 нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида вафот этганди, шу тариқа уларнинг умумий сони 14 тани ташкил қилмоқда.
17 январь ҳолатида қалбаки спиртли ичимлик истеъмоли ташхиси билан Туркия бўйлаб касалланганлар сони 88 нафарни ташкил этиб, шундан 37 нафари вафот этган. Ушбу қурбонлар орасида маҳаллий аҳоли вакиллари ва бошқа миллат вакиллари ҳам мавжуд, дейилади хабарда.
Истанбул ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари 2025 йил 16 январь куни Истанбул шаҳрида 32 862 литр ноқонуний метил ва этил спиртли ичимликларни мусодара қилган.
Тадбирлар Султангази, Фатиҳ, Бакиркўй, Кучукчекмеже, Чаталжа, Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкоз туманларида ўтказилиб, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган. Текширувлар чоғида 227 шиша сохта ичимлик ва дистиллаш ускунаси ҳам топилган. Қўлга олинганлардан 3 нафари полициядаги сўроқлардан сўнг қўйиб юборилган бўлса, 6 нафарининг тергови давом этмоқда.
Бош консулхона дипломатлари Истанбул шаҳридаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимларида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида даволанаётган фуқароларнинг ҳолидан хабар олди. Уларнинг 3 нафарининг аҳволи оғир, дейилади хабарда, аммо неча киши касалхонада қолаётгани ҳақида маълумот йўқ.