Самарқандда ўғриликка тушиб, болаларни ўлдирган фуқаро ушланди
Самарқанд вилояти Паяриқ туманида фуқаро 2007 ва 2013 йилда туғилган фарзандлари бедарак йўқолганлигини туман прокуратурасига маълум қилган.
Хабарга кўра, 13 март куни фуқаро О.Т. таниши М.Т.нинг яшаш уйига ўғирликка кириб, хонадонда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, пул ва қимматли буюмларни қидираётган вақтида М.Т.нинг фарзандлари мактабдан уйга келиб, гувоҳ бўлиб қолганлиги сабабли, О.Т. ўз жиноятини яшириш ва вояга етмаганларни қасддан ўлдириш мақсадида турли баҳоналар билан алдаб, ўзининг яшаш хонадони ҳовлиси ўртасида турган ер ағдариш учун мўлжалланган белкурак билан дастлаб вояга етмаган А.Т.нинг бош ва бўйин қисмига зарб билан урган ва тан жароҳати етказиб, А.Т.га ёрдам бериш учун етиб келган акаси С.Т.ни ҳам ушбу белкурак билан бош ва бўйин қисмига уриб ўлдирган.
Қайд этилишича, О.Т. ушбу қотиллик жиноятини яшириш мақсадида вояга етмаганларнинг мурдасини ҳовли ерида чуқур қазиб, чуқурга ташлаб, ғўзапоя ва ёғоч тахталар ёрдамида таналарини ёқиб юборган ва мурда қолдиқларини кўмиб қўйган.
Суд-тиббий экспертизасининг маълумотномасига кўра, вояга етмаган С.Т.нинг ўлими орқа мияни калла асоси ва биринчи бўйин умуртқаси оралиғидан узилиши, орқа миянинг лат ейиши ва А.Т.нинг ўлими эса калла асос ва гумбаз суякларининг синиши, бош мия пардалари остига ва тўқимасига қон қуйилиши,ъ ҳамда бош миянинг лат ейиши оқибатида келиб чиққанлиги кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиоят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, в, ж, о» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Т. ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.