Тошкент вилоятида юзлаб ёшлар ҳарбий полигонга олиб кетилгани юзасидан изоҳ берилди
Тошкент вилояти Қибрай туманда 27 январь куни профилактика инспекторлари муқаддам судланган ИИБ рўйхатида турувчи йигитларни эрталабки соат 6:00 да йиғилиш бўлишини айтиб, олиб кетган. Бу ҳақда «Кun.uz» нашри хабар берди.
Таъкидланишича, олиб кетилган йигитлар автобусда Чирчиқдаги ҳарбий дала полигонга олиб борилиб, 10 кун давомида ҳарбийча ҳаёт кечиришлари айтилган. Маълум қилинишича, аввал ота-оналар фарзандлари қаерга олиб кетилганидан бехабар бўлган. Шундан сўнг улар ҳарбий полигонга келиб, болаларини қайтариб олиб кетиш учун рухсат сўрашган. Аммо масъуллар фақат маҳалла инспекторларининг рухсати билангина йигитлар қўйиб юборилишини маълум қилган.
Олиб кетилган йигитларнинг яқинлари маълум қилишича, участка нозирлари уларни туман ИББга олиб кетиш чоғида ҳарбий полигонга бориш ва у ерда 10 кун яшашга тўғри келиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.
Тошкент вилояти ИИББ ахборот хизмати бошлиғи Бобур Тўлаганов мазкур ҳолат юзасидан бу иш фақатгина қибрайликлар билан содир бўлмаганини маълум қилган. Шунингдек, у муқаддам судланган, тузалиш йўлига ўтмаган, Тошкент вилояти ички ишлар органларининг рўйхатида турувчи 200 нафар уюшмаган ёшлар Хавфсизлик кенгашининг қарорига асосан Чирчиқдаги ҳарбий полигонга олиб келинганини ҳамда 10 кунлик дастур асосида маънавий-маърифий дарслар, ҳуқуқ соатлари, ҳарбий ва касбий тайёргарлик машқларида қатнашишини таъкидлаган.
«Йигитлар 3 маҳал иссиқ овқат ва турар жой билан таъминланади. Машғулотлардан сўнг, уларга меҳнат биржаси орқали муносиб иш топиб бериш мақсад қилинган, ушбу машғулотлар ихтиёрий бўлиб, ҳарбий полигонга олиб келинганларнинг деярли барчаси бу ердаги ҳолатдан рози. Баъзи муқаддам судланган йигитлар ҳали ҳам тузалиш йўлига ўтмагани, ёмон хулқидан шикоят қилингани учун ота-онасининг илтимоси билан келтирилди», — дейди вилоят ИИББ ходими.
Мавзуга доир: Фоторепортаж: Самарқанд гарнизонида ватанпарварлик ойлиги бошланди
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказаётгани ва Самарқандда «Сазаган» полигонида ҳарбий тактик кўргазма бўлиб ўтгани хабар қилинган.