Тоғ-чанғи курортидаги ёнғиндан кейин Анталяда 50 та меҳмонхона ёпилди

Туркия шимолидаги Болу вилоятида «Карталкая» тоғ-чанғи курортида рўй берган йирик ёнғин мамлакат жанубидаги Анталя вилоятида 50 та меҳмонхона ёпилишига олиб келди, деб хабар беради NTV Haber.

Анталяда муниципал расмийлар Калеичи ва унинг атрофида жойлашган 50 отелни муҳрлади, — дейилган хабарда. Меҳмонхоналар эгалари бу ҳақда хабардор қилинган.

Нашр маълумотига кўра, Туркия маданият ва туризм вазирлиги 81 вилоят раҳбарларига шошилинч нома йўллаган. Унда регистрациясиз ва лицензиясиз ишлаётган барча объектларни муҳрлаш зарурлиги айтилган. Бундан ташқари, тадбиркорлар расмийларга туристик фаолият олиб бориш учун берилган сертификатни тақдим этиши талаб қилинади.

21 январга ўтар кечаси Туркиянинг Болу вилоятида жойлашган «Карталкая» тоғ-чанғи курортидаги Grand Kartal меҳмонхонасида ёнғин чиққанди. Жами 78 киши ҳалок бўлган, яна 51 киши яраланган. 22 январ куни мамлакатда мотам куни эълон қилинган.

T24 маълумотига кўра, отелда ёнғин сигнализацияси ва тутунни назорат қилиш тизимида, шунингдек эвакуация йўллари ишлашида қоидабузарликларга йўл қўйилгани аниқланган. Ёнғин ресторан ошхонасида бошланган. Қурбонларнинг кўпчилигининг ўлимига ис газидан заҳарланиш сабаб бўлган.

Маҳаллий нашрларга кўра, ёнғин сабаби ошпазларнинг эътиборсизлигида бўлган. Ошпазлар грилни ёқилган ҳолда қолдирган, кейинчалик оловни ўт ўчириш воситаси билан эмас сув билан ўчиришга уринган. Оқибатда олов бутун хонага сачраган.

Меҳмонхона эгаси ёнғин учун барча жавобгарликни ходимларга: бош ошпаз, электрик ва қўриқчиларга юклаган. Судда у бош ошпаз ошхонадаги электр жиҳозларига, электрик эса ёнғин хавфсизлиги тизимига масъул эканини таъкидлаган.

Аввалроқ, Туркиядаги тоғ-чағи курортида чиққан ёнғин ҳақда хабар берган эдик.

Жаҳон