АҚШ давлат қарзи тарихий рекорд ўрнатди
АҚШ давлат қарзи 36 триллион доллардан ошиб, тарихий рекордни янгилади. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.
Вазирлик 21 ноябрь ҳолатига кўра давлат қарзи ҳажми 36 034 994 586 981 доллардан сал кўпроқни ташкил этганини эълон қилди.
АҚШнинг давлат қарзи — федерал ҳукуматнинг кредиторлар олдидаги қарз миқдоридир. Бунда кредиторлар сифатида хусусий шахслар, масалан, Америка фуқаролари ёки чакана хорижий инвесторлар, шунингдек, давлатлар ва йирик жамғармалар ҳам иштирок этиши мумкин. АҚШнинг давлат қарзи икки қисмга бўлинади: ички давлат қарзи ва ташқи қарз.
Ички давлат қарзи — бу турли давлат органларига, жумладан, пенси жамғармаларига бўлган қарздорликдир. У умумий қарз миқдорининг тахминан 20 фоизини — 7,3 триллион долларни ташкил қилади.
Ташқи қарзи — хусусий ташкилотлар, жисмоний шахслар ва чет давлатлар олдидаги қарз. У қарзнинг қолган 80 фоизини ёки 28,7 триллион долларни ташкил этади.
Вашингтон давлат облигацияларини чиқариш орқали маблағ жалб қилади. Уларни АҚШ Молия вазирлиги муомалага чиқаради. Қимматли қоғозлар очиқ бозорда, мамлакат фонд биржаларида сотилади, шунинг учун уларни ҳар қандай хоҳловчи шахс сотиб олиши ва шу тариқа Америка хазинасини қўллаб-қувватлаши мумкин.
2024 йил 3 январда АҚШ давлат қарзи биринчи марта 34 триллион доллардан ошганди. Шундай қилиб, бир йил ичида у 2 триллион долларга кўпайди. Америка давлат қарзи номинал ифодада дунёдаги энг катта қарз ҳисобланади.