АҚШ ва Украина фойдали қазилмалар бўйича битим имзолади

30 апрель куни Вашингтонда Америка Қўшма Штатлари ва Украина ўртасида қўшма инвестиция фондини ташкил этиш бўйича янги битим имзоланди. Бу ҳақида АҚШ Молия вазирлиги хабар берди.

Битимга кўра, АҚШ Украинадаги фойдали қазилма лойиҳаларига имтиёзли кириш ҳуқуқини қўлга киритади ва Украинани қайта тиклаш учун инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Украина ер ости бойликларига тўлиқ назоратни сақлаб қолади ва келишув Украина учун қарз мажбуриятларини келтириб чиқармайди.

Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишига тўсиқ бўлмайдиган мазкур битим Украинага глобал ҳамкорлар билан узоқ муддатли барқарор алоқаларни ўрнатиш имконини беради.

АҚШ президенти ушбу битимни имзолашдан аввал, АҚШнинг Украинага кўрсатган ёрдамидан манфаат олиш зарурлигини таъкидлади.

Германиядаги Kiel институтининг маълумотларига кўра, АҚШ Россиянинг 2022 йилдаги босқинидан бери ҳозиргача Украинага 72 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатган.

Жаҳон