АҚШ ядровий гравитация бомбасини йиғишни муддатидан олдин якунлади
АҚШ ядровий хавфсизлиги бўйича миллий маъмуриятига кўра, мамлакатда янги B61-13 ядровий авиабомбасининг биринчи намунаси муддатидан бир йил олдин ишлаб чиқариб якунланди. Бу ҳақда АҚШ ядро хавфсизлиги бўйича миллий маъмурияти хабар берди.
Бомбанинг ишлаб чиқарилиши 2023 йилда бошланган бўлиб, бу лойиҳани Совуқ уруш давридан бери энг тез бажарилган ядровий дастурлардан бири сифатида баҳолашмоқда.
Қайд қилинишича, B61-13 — B61 ядровий гравитацион бомбалар оиласининг энг янги модификацияси бўлиб, унинг зарба кучи 360 килотоннагача етади. Бу кўрсаткич Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган атом бомбасидан 24 баравар кучли ҳисобланади. Бомба асосан мустаҳкам ерости ҳарбий объектларини, жумладан, қўмондонлик бункерлари ва қурол омборларини нишонга олиш учун мўлжалланган бўлиб, уни B-21 Raider каби стратегик бомбардимончи самолётлар ташийди.
Бомба илгари синовдан ўтган B61-12 моделига ўхшаш хавфсизлик, аниқлик ва бошқарув тизимларига эга, бироқ юқори зарба қувватига эга бўлиши билан ажралиб туради. АҚШ энергетика вазири Крис Райтнинг таъкидлашича, бу бомба замонавий хавфлар даврида стратегик тийиб туриш салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тўлиқ миқёсдаги ишлаб чиқариш 2026 йилда бошланиши режалаштирилган. Расмийларга кўра, янги бомба умумий ядровий арсенални оширмайди, чунки ҳар бир B61-13 бомбаси эскирган B61-12 ёки B83-1 ўрнини эгаллайди.
Бироқ бомба атрофида баҳслар ҳам юзага чиқмоқда. Америка олимлари федерацияси (FAS) бу бомба ҳарбий заруратдан кўра сиёсий мақсадлар, хусусан Конгрессни эски Б83-1 бомбасини арсенал таркибидан чиқаришга кўндириш учун ишлаб чиқилганини билдирди.
Шунингдек, B61-13 бомбаси юқори аниқликка эга ва шу туфайли унинг ерости нишонларига зарбасининг сейсмик таъсири ер юзасидаги мегатоннали портлашга тенг бўлиши келтирилган