Филаделфияда оммавий отишмада 2 киши ҳалок бўлди
Филаделфияда 26 май куни юз берган отишма оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 9 нафари, жумладан уч ўсмир яраланди. Бу ҳақда NBC Philadelphia хабар берди.
Ҳодиса «Мемориал» куни кечаси соат 22:30 атрофида чорраҳада ёшлар тўплангани вақтида содир бўлган.
Филаделфия полицияси берган маълумотга кўра, номаълум шахслар томонидан ўқ узилиши натижасида жами 11 нафар фуқаро – шу жумладан 15, 16 ва 17 ёшли уч ўсмир – тан жароҳати олган. Улардан бир эркак ва бир аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Қолган тўққиз нафар жабрланувчи, жумладан уч ўсмирнинг аҳволи барқарор экани айтилмоқда.
Отишмадан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тергов ишлари бошланган. Ҳодиса содир бўлган ҳудуд полиция томонидан ўраб олинган, аммо ҳозиргача гумондорлар қўлга олинмаган, қурол-аслаҳалар эса топилмаган.
Тергов давом этмоқда.