АҚШда 7 балли зилзила содир бўлди
АҚШнинг Калифорния штати шимолида 7 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда АҚШ Геология хизмати хабар берди.
Сан-Франсиско кўрфази ҳудудида зилзилалар қайд этилди. Калифорния ва Орегон штатларининг қирғоқбўйи аҳолисига қуйидагича огоҳлантириш юборилди:
Сизнинг яқинингиздаги қирғоққа бир қатор кучли тўлқинлар ва шиддатли оқимлар урилиши мумкин. Сиз хавф остисиз. Қирғоқ сувларидан тезда узоқлашинг.
Геология хизмати маълумотларига кўра, зилзила маҳаллий вақт билан соат 10:44 да (Тошкент вақти билан кечаси 23:44 да) юз берган, унинг эписентри Гумболд округидан тахминан 10 миля (16 километр) жануби-ғарбда жойлашган.
Зилзиладан уч дақиқа ўтиб, Санта-Роза шаҳри шимолида 5,8 магнитудали силкиниш содир бўлди. 4 декабрь куни ушбу ҳудудда 4,2 ва 4,4 магнитудали силкинишлар қайд этилганди.