АҚШда жиноятчи полиция кийимида қамоқдан қочиб кетди
Қўшма Штатларда оғир жиноятларда айбланиб, 50 йилга қамалган Грант Ҳардин исмли маҳбус Арканзас қамоқхонасидан қочди. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
У полиция формасига ўхшаш кийим кийиб, қамоқхонани тарк этгани тахмин қилинмоқда.
25 май куни Ҳардин камерадан изсиз йўқолган. Қамоқхона маъмурияти қочиш қандай содир бўлгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумотга эга эмас. Қочқин ҳозирда қидирувда.
Грант Ҳардин 2017 йил октабрида Gateway сув таъминоти бошқармасининг 59 ёшли ходимини ўлдиргани учун судланган ва айбини тан олган. Шунингдек, 1997 йилда мактаб ўқитувчисига нисбатан жинсий тажовуз қилгани кейинчалик аниқланган. У жами 50 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Эътиборлиси, Ҳардин 2016 йил бошида тўрт ой давомида Арканзас штатидаги Gateway шаҳарчаси полиция бошлиғи лавозимида ишлаган.