Президент инспекторларни ортиқча вазифалардан халос этишни топширди

Профилактика инспекторлари фаолияти ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилади

Президент Шавкат Мирзиёев профилактика инспекторлари ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш фаолиятини такомиллаштириш, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда ишлаб чиқилган «Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берилди. Унда профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, касбий фаолият кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиши назарда тутилган.

Профилактика инспекторига фақат қонун билан белгиланган вазифалар юкланади. Унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. Лойиҳага кўра, профилактика инспекторининг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланади, — дейилади хабарда.

Профилактика инспектори ҳуқуқбузарликлар профилактикаси турини мустақил равишда танлайди, мажбурий профилактик кўрсатмалар беради, тақдимнома киритади ва ижросини талаб қилади, ўзининг профилактик тадбирлар услубини ишлаб чиқади ҳамда ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради.

Шу билан бирга, профилактика инспектори зиммасига ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексига қатъий риоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фуқароларнинг ҳар қандай шаклдаги мурожаатларини қабул қилиш ва тезкорлик билан муносабат билдириш, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга дарҳол етиб келиш ва текшириш, жабрланган фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш каби мажбуриятлар юклатилади.

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳам кучайтирилмоқда. Ҳокимликларга уларни хизмат хонаси ва уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилиши, фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши, узоқ йил хизмат қилган ходимлар учун пенсия таъминоти бўйича қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда.

Профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар ҳам берилиши режалаштирилган. Жумладан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш ваколати кенгайтирилади, айрим моддалар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш имконияти яратилади.

Президент таклифларни маъқуллаб, профилактика инспекторларини ортиқча вазифалардан халос этиш, уларнинг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, жамоат хавфсизлиги тизимини рақамлаштириш ҳамда кадрлар тайёрлашни замонавий талаблар асосида ташкил этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Ўзбекистон