Тошкентда автобус ичида уятсиз ҳаракатлар содир этган эркак 15 суткага қамалди
Суд қарори билан фуқарога маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Ижтимоий тармоқларда автобус салонида номаълум эркак кишининг жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузганлигини акс этган видео тарқалди. Вазият юзасидан пойтахт ИИББ матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 3 июнь куни соат 09:45 атрофида 42-сонли автобусда содир бўлган.
Автобус салонида йўловчи – 1978 йилда туғилган Т.С. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойида бўла туриб уятсиз ҳаракатлар содир этган.
Натижада, кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқаро ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Т.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183 моддаси (Майда безорилик), 194 моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) аломатлари билан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун Жиноят ишлари бўйича туман судига юборилган. Суд томонидан ушбу шахсга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.





