Тошкентда икки автобус йўналиши ўзгарди
28 март санасидан бошлаб Тошкент шаҳри жамоат автобус йўналишларига ўзгартиришлар киритилади. Бу ҳақда шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғининг тегишли буйруғи имзоланди, деб хабар берди Транспорт вазирлиги.
Шундай қилиб, амалдаги 190-сонли «Янгибозор АШБ — Машинасозлар метроси» йўналиши Янги Ўзбекистон кўчаси орқали Янги Тошкент бекатигача бир томонлама ҳаракат қилади. Сўнг ўзининг аввалги йўналиши бўйлаб ҳаракатни давом эттиради.
137-сонли автобус йўналиши энди Истиқбол маҳалласи бекатидан Паркент йўли кўчаси орқали Янги Тошкент бекатигача икки томонлама ҳаракат қилади. «Истиқбол маҳалласи — Қўшқўрғон маҳалласи» йўналиши номи «Янги Тошкент бекати — Қўшқўрғон маҳалласи» деб ўзгартирилади.
Бундан ташқари, янги 197-сонли «Ўзбекистон меҳмонхонаси бекати — Янги Тошкент бекати» йўналиши ташкил этилади. Ушбу йўналиш Махтумқули ва Янги Ўзбекистон йўли кўчалари орқали ҳаракатланади.