Ўзбекистонда бугун «Автомобилсиз кун» акцияси бўлиб ўтмоқда
Акцияси доирасида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш одоб-ахлоқ (этика) қоидаларининг бузилишига тенглаштирилган

Бугун 25 май куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг 2026-йил 25-мартдаги «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умумиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги 46-сон Фармонига кўра, 2026-йилнинг 1-май кунидан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб борилиши белгиланган.
Фармонга кўра, давлат ташкилотлари ва идоралари ходимлари томонидан акция ўтказиладиган кунларда хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш қатъиян тақиқланади ва ушбу саналар иш кунларига тўғри келганда ҳайдовчиларнинг иш ҳақи сақлаб қолинади, — дейилади хабарда.
Акцияни юқори савияда ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўйича Махсус комиссиянинг тегишли баёни қабул қилинган. Унга мувофиқ давлат фуқаролик хизматчилари томонидан «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акцияси доирасида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш мазкур ходимлар томонидан одоб-ахлоқ (этика) қоидаларининг бузилишига тенглаштирилган.
Белгиланган талабларга риоя этмаслик давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига улар раҳбарлик қилаётган ташкилотларда фаолият юритаётган давлат фуқаролик хизматчиларини интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши билдирилди.





