Ўзбекистонда «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилмоқда
Ташкилотлар ва фуқаролар жамоат транспортидан фойдаланишга чақирилди

Бугун, 10 август куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «Автомобилсиз кун» акцияси ўтказилмоқда, деб хабар бермоқда Экология қўмитаси матбуот хизмати.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 25-мартдаги «Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида «Автомобилсиз кун» ҳамда «Автомобилсиз ҳафта» акциялари ўтказиб келинмоқда.
Мазкур ташаббус автотранспорт воситаларидан ҳавога чиқадиган зарарли ташламаларни камайтириш ва бу орқали экологик барқарор муҳитни шакллантириш, шунингдек, жамоат транспорти ва экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш маданиятини кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, «Автомобилсиз кун» ва «Автомобилсиз ҳафта» акциялари доирасида давлат фуқаролик хизматчилари томонидан автотранспорт воситаларидан фойдаланиш жавобгарликка сабаб бўлиши билдирилди.





