Nestlé Ўзбекистонда хавфли токсин сабаб айрим болалар озуқаси маҳсулотларини ихтиёрий равишда қайтариб олмоқда

5 январдан бошлаб «Nestle Food» компанияси хавфли токсин сабаб Ўзбекистон ҳудудидан болалар озуқаси маҳсулотларининг чекланган миқдорини ихтиёрий равишда қайтариб олди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, қайтарилаётган маҳсулотлар ичида чекланган миқдорда тез эрувчан сутли ва нордон сутли қуруқ аралашмалар, шунингдек, аминокислоталар асосидаги махсус диетик даволаш учун мўлжалланган қуруқ аралашмаларнинг айрим партиялари бор.

Ушбу маҳсулотларни қайтариб олиш амалиёти эҳтиёт чораси сифатида амалга оширилмоқда ва Nestlé компанияси томонидан ташқи етказиб берувчидан олинган хом ашёда (арахидон кислотаси) сереулид токсини бўлиши мумкинлиги аниқланган эҳтимолий хавф муносабати билан бутун дунёда айрим партияларни ихтиёрий равишда қайтариш чораларининг бир қисми ҳисобланади, — деб таъкидланди.

Маҳсулотни қайтариш қарори эҳтиёт чораси сифатида ва компаниянинг қатъий сифат ҳамда хавфсизлик протоколларига мувофиқ қабул қилинади.

Кўрсатилган партиялар маҳсулотини харид қилган истеъмолчилар уни «Nestle Food» МЧЖ ХК белгилайдиган тартибда қайтаришлари мумкин.

Ўзбекистон