БАА қонунбузарликлар туфайли Ўзбекистон учун визасиз режимни қайта кўриб чиқиши мумкин
Дубайдаги можарода иштирок этганликда гумон қилинган 15 нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлардан иборат икки жиноий гуруҳ ўртасидаги тўқнашув оқибатида бир киши пичоқлангани, яна бири комага тушиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўзбекистонлик дипломатлар Дубай жиноят қидирув бошқармаси раҳбарияти билан учрашди. Улар ушбу ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.
Бошқарма, шунингдек, «сўнгги вақтларда Ўзбекистон фуқаролари томонидан содир этилаётган қонунбузарлик ҳолатлари кўпаяётгани икки давлат ўртасидаги визасиз тартибга таъсир кўрсатиши мумкинлиги»ни таъкидлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилмоқда.
«Ўзбекистон фуқароларини хорижда юртдошларимиз шаънига доғ туширувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирамиз», — дейилади ТИВ хабарида.