Байден ҳокимиятни тинч йўл билан Трампга топширишга ваъда берди

АҚШ президенти Жо Байден президентлик сайловларида ғалаба қозонган Доналд Трампга ҳокимият тинч йўл билан ўтказилишини таъминлашга ваъда берди.

Мен президент сифатидаги вазифамни бажараман. Қасамёдимни бажараман ва Конституцияни ҳимоя қиламан. 20 январь куни бу ерда Америкада ҳокимият тинч йўл билан ўтказилади, деди Байден 7 ноябрь, пайшанба куни халққа мурожаатида.

Амалдаги президентнинг сўзларига кўра, у ўз маъмуриятига «ҳокимиятнинг тинч ва тартибли ўтиши учун» ўз вориси жамоаси билан тўғридан тўғри ишлашни топширган. Шунингдек, у бир кун аввал Трампни президентлик сайловларида ғалаба қозонгани билан табриклаганини таъкидлади.

Байден, шунингдек, АҚШ сайлов тизимининг «ҳалоллиги, адолатлилиги ва шаффофлигига» ишонч билдирди. Сайловдаги мағлубият демократларнинг мағлубиятга учраганини англатмайди, деди у ва ўз тарафдорларини таслим бўлмасликка чақирди. «Бу мен президент бўлганим учун эмас, балки биз қилган ҳамма нарса, сиз қилган ишлар туфайли тарихий президентлик эди», — дея хулоса қилди Байден. У, шунингдек, президентлигининг сўнгги кунларидан унумли фойдаланишга ваъда берди.

Жаҳон