Ўзбекистонга товарларни божсиз олиб киришнинг янги нормалари белгиланди

Айрим турдаги товарларни божхона чегараси орқали олиб утиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди. 

Ҳужжат билан, 2025 йил 1 майдан бошлаб жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун нотижорат мақсадларида республикага олиб кириладиган товарларни божсиз олиб киришнинг қуйидаги нормалари белгиланди:

ҳаво транспортида — 1000 доллар (амалда 2000 доллар);

темир йўл ва дарё транспортида — 500 доллар (амалда 1000 доллар);

автомобиль (пиёда) ўтказиш пунктлари орқали — 300 доллар;

халқаро курерлик жўнатмалари орқали — 200 доллар (бир чоракда 1000 доллар);

халқаро почта жўнатмалари орқали — 100 доллар (ўзгармаган).

Шунингдек, 20 июлдан бошлаб божхона тўловисиз лимитдан фойдаланиш учун мамлакат ташқарисида бўлишнинг минимал муддати жорий этилади. Хусусан, пиёда ёки автомобилда кираётган фуқаролар чет элда камида икки кун, самолётда қайтаётганлар эса камида уч кун бўлишлари керак. Акс ҳолда олиб кирилган товарлар белгиланган лимитдан ошган деб ҳисобланади ва уларнинг тўлиқ қийматидан 30 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови ундирилади.

Жисмоний шахс томонидан мамлакатдан божхона декларациясини тақдим этмасдан олиб чиқилиши мумкин бўлган товарлар учун белгиланган максимал норма 5000 доллар миқдорида сақланиб қолади, экспорт божлари белгиланган товарлар бундан мустасно.

Шу билан бирга, ушбу миқдор доирасидаги товарлар тижорат мақсадларида мўлжалланган бўлса, улар қўшимча ҳужжатлар асосида божхона органлари томонидан статистик мақсадларда рўйхатга олинади ва мамлакатнинг умумий экспорт ҳажмига киритилади.

Жисмоний шахсларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қимматбаҳо металлар — ўлчовли қуймалар ва тангаларни сертификатлари бор бўлса, мамлакатдан чекловларсиз олиб чиқишга рухсат берилади. Агар ушбу буюмларнинг қиймати 5000 долларлик лимитдан ошса, йўловчи божхона декларациясини тўлдириш талаб этилади.

Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ваколатли органлар мансабдор шахсларининг қонуний талабларига фуқаролар томонидан бўйсунмаслик, уюшган қаршилик кўрсатиш ва чегара божхона постларида жамоат тартибини бузиш ҳолатларини олдини олиш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш топширилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Божхона қўмитаси билан биргаликда аҳоли томонидан инсон саломатлигига хавф туғдирувчи фойдаланилган товарларни олиб киришининг олдини олиш чораларини ишлаб чиқади.

Божхона қўмитасига божхона қийматини пасайтириш хавфи юқори бўлган товарларни аниқлаш учун импорт божхона юк декларациясини хорижий давлатларнинг экспорт декларацияси билан солиштириш тизимини ишлаб чиқиш топширилди.

Уч ой муддатда электрон маълумотлар асосида халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини соддалаштирилган божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш тартибини белгиловчи ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Қарорлар