ХДП — «Уятли хонадон», «Шармандали маҳалла» каби тамғалар ўрнатилиши Конституцияда белгиланган ҳуқуқларга мос келмайди

Партияда инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, қонунчиликда назарда тутилмаган маъмурий чораларни қўллашга уринишлар демократик ҳуқуқий давлат тамойилларига зид экани таъкидланди

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда ҳудудларда айрим маҳаллий ҳокимликлар, масъул ташкилотлар ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари томонидан фуқароларнинг уй-жойларини ободонлаштириш юзасидан хонадонларга кириб, турли талаблар қўйилаётгани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати, шахсий ҳаёти ҳамда уй-жой дахлсизлиги каби конституциявий ҳуқуқларига рахна солинаётгани, қандайдир талаблар бажарилмаган тақдирда хонадонларга «Уятли хонадон», маҳаллаларга эса «Шармандали маҳалла» каби тамғалар ўрнатилиши ҳақидаги хабарлар юртдошларда эътирозларни келтириб чиқармоқда.

Халқ демократик партияси бундай хатти-ҳаракатлар Конституцияда белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга мос келмайди, деб ҳисоблашини билдирди.

Юрт ободлиги – Ватанни асраш, тоза тутиш ва ободонлаштириш демакдир. Албатта, хонадонларни, кўча ва маҳаллаларни обод қилиш эзгу ташаббус, бу ҳар бир фуқаронинг ижтимоий масъулиятидир. Бироқ, бу эзгу ташаббусни амалга ошириш шахсий намуна, ижтимоий ҳамкорлик, қонун ва инсон қадрига ҳурмат ҳамда амалий ёрдам кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш асосида ташкил этилиши мақсадга мувофиқ, — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, «инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, қонунларда назарда тутилмаган маъмурий чоралар қўллашга уриниш демократик ҳуқуқий давлат бошқаруви тамойилларига зид» эканлиги билдирилди.

Фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар билан мулоқотда ҳар бир мутасадди одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозим. Халқ демократик партияси мутасаддиларни аҳоли билан мулоқотда шахснинг қадр-қиммати, шаъни ва обрўсини камситиш каби ноқонуний усуллардан бутунлай воз кечиб, қонун устуворлиги, инсон қадри, ижтимоий тенглик ва ижтимоий шериклик тамойилларига амал қилишга чақиради, — деб таъкидлади партия.

Ўзбекистон