Биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилади

Ўзбекистонда биогаздан метан ишлаб чиқариш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, вазир Азиз Абдуҳакимов ва Япониянинг Le One Co., Лтд компанияси бош ижрочи директори Харуки Ямасаки ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Унда инновацион экологик технологияларни жорий этиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинган.

Музокаралар давомида компания 2025–2030 йилларга мўлжалланган, қиймати $4 млнга тенг бўлган грантни ютиб олгани маълум қилинган. Грант Япония энергетика ва саноатни ривожлантириш ташкилоти (NEDO) томонидан ажратилган бўлиб, у декарбонизация ва яшил энергия йўналишидаги технологияларни ривожлантиришни мақсад қилган.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда биологик чиқиндиларни қайта ишлаш орқали метан ишлаб чиқарувчи тажриба заводи ташкил этилади. Ташаббус экологик ва иқтисодий мақсадларни биргаликда ҳал этишга қаратилган: иссиқхона газларини камайтириш, чиқиндиларни хавфсиз йўқ қилиш, қишлоқ хўжалиги учун биогумус олиш, шунингдек, Японияда синовдан ўтган чуқур тозалаш ва гибрид циркульяция технологияларини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Вазирлик матбуот хизмати таъкидлашича, лойиҳа муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш орқали атроф-муҳитга тушадиган босимни камайтириш ҳамда энергия тежамкор чиқиндиларни бошқариш моделини яратишни кўзда тутади.

Учрашув якунида Le One Co., Ltd ва Ўзбекистон Экология вазирлиги ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик битими тайёрлаш ва имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ҳужжат синов лойиҳани амалга оширишда асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон