Биологик фаол қўшимчаларни божсиз олиб кириш чекланади
2025 йил 20 июлдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёж учун биологик фаол қўшимчаларни (БАД) божсиз олиб кириш қоидалари жорий этилади. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, жисмоний шахслар озиқ-овқат қўшимчаларини қуйидаги миқдорда божхона тўловларисиз олиб кириши мумкин бўлади (шу пайтгача ҳеч қандай чекловлар йўқ эди):
— суюқ ҳолатда ва сироп шаклида — 10 донагача флаконда;
— кукун ҳолатида — 0,5 килограммгача;
— таблетка — 100 донагача;
— капсула — 100 донагача ёки 4 донагача ПЕТ идишларда;
— қуритилган ҳолатда (ўсимлик гули, тана қисми ва илдизи) — 0,5 килограммгача.
Бундан ташқари, баъзи товарларни божсиз олиб кириш қоидалари ҳам ўзгартирилди.
Хусусан, спиртли ичимликлар учун миқдор бир хил — 2 литргача бўлиб қолади. Тамаки маҳсулотлари учун умумий чегара 10 та пакет ўрнига қуйидаги аниқ нормалар жорий этилади:
— сигареталар — 200 донагача;
— сигаралар — 5 донагача;
— тамаки — 100 граммгача.
Атир ва ифор тарқатувчи сувлар эса энди ҳар бири 300 мл гача бўлган 3 дона идишни олиб киришга рухсат берилади (илгари ҳажмини кўрсатмасдан 3 донагача эди).
Бундан ташқари, 21 ёшгача бўлган шахслар учун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини, шунингдек, халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали олиб киришни тақиқлаш жорий этилмоқда.
Агар божхона тўловисиз лимит ошиб кетганида нотижорат мақсадида олиб кирилган товарларга қуйидаги божхона тўловлари татбиқ этилади:
Нотижорат импорти учун бож олинмайдиган лимитлар ошиб кетган тақдирда:
— алкоголь ва тамаки маҳсулотлари учун ягона божхона тўлови икки баравар миқдорда (60 фоиз);
— атир ва ифор тарқатувчи сувлар учун ягона божхона тўлови бир баравар миқдорда (30 фоиз).