Bloomberg: 10 га яқин давлат Украинага қўшин юборишга тайёр
Ўнга яқин давлат хавфсизлик кафолати сифатида Украинага ўз қўшинларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда, деб хабар бермоқда Bloomberg манбаларга таяниб.
Агентлик манбалари Европа расмийларининг 19 август куни бўлиб ўтган учрашувида Украинага тинчлик келишуви доирасида Британия ва Франция қўшинларини юбориш режаси, жумладан, ҳарбий хизматчилар сони ва жойлашуви муҳокама қилинганини маълум қилди.
Bloomberg агентлигига кўра, шу ҳафта Украина учун хавфсизлик кафолатлари пакети шакллантирилади. Қайд этилишича, 18 август куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Қўшма Штатлар кафолатлар бериш бўйича «кўпроқ қатъий мажбуриятларни олган».
Шу билан бирга, Европа давлатлари етакчилари Россия Федерацияси ва Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленскийнинг эҳтимолий учрашуви олдидан Киев позициясини мустаҳкамламоқчи эканини маълум қилинган.
АҚШ президенти Доналд Трамп Франция, Германия ва Буюк Британия Украинага қўшин киритишдан манфаатдор эканини тасдиқлади, бироқ унинг раҳбарлигида у ерга АҚШ қўшинлари юборилмаслигини таъкидлади.