Ўзбекистонда «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади. Ҳар бир стартап учун 1 млрд сўм инвестиция киритилади

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20-август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида қатор ташаббусларни кўриб чиқди.

Жумладан учрашувда, бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан зиёд стартаплар фаолият юритиши таъкидланди.

Эътибор беринг, етти ойни ўзида стартапларга рекорд миқдорда – 264 миллион доллар хорижий инвестиция келди. Бу 2024 йил давомида кирган сармоялардан 4 баробар кўп. Шу боис стартапларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жонлантирамиз, — деди Президент.

Мулоқот давомида ёшларнинг 1 мингта стартап ғояси тижоратлаштирилади ва шундан 200 таси халқаро бозорга олиб чиқилиши белгиланди.

Шунингдек, энг илғор технологиялар олиб келиниб, 100 та маҳаллий стартап халқаро миқёсда жозибадор бизнесга айлантирилади. Бунга 100 миллион доллар берилади.

Бу йилдан бошлаб, «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади. Энг яхши 100 та ғоя танлаб олиниб, ҳар бир стартап учун 1 миллиард сўмгача инвестиция киритилади, —  деб белгиланди.

Бу лойиҳаларни брендга айлантириш учун молиявий ва маркетинг хизматлари бўйича экспертларнинг харажатлари қоплаб берилиши айтилди.

Ғолибларни 20 август – Тадбиркорлар кунида тақдирласак, ўйлайманки, ёш тадбиркорларга бу ҳам катта мотивация бўлади, — деди давлат раҳбари.

Ўзбекистон