Айрим маҳсулотлар учун мажбурий сертификат талаби бекор қилинади
Кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади. Бу хақда президент ва тадбиркорлар билан бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотга хабар қилинди.
Эндиликда, мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тага қисқартирилди. Рўйхат яна 288 тага камайтирилади.
Шунингдек, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади.
Бунда, энг аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилиши таъкидланди.
Президент мулоқда, техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилиниб, мамлакатга дунёдаги энг нуфузли халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитлар яратилишини маълум қилди.
Энди, маҳсулотлар сифати бўйича бозор назорати тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотни ўзи бўлади, — деди президент.