Президент тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказади ва уларнинг бир гуруҳига давлат мукофотларини топширади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Қайд этилишича, президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги илк учрашуви 2021 йил 20 августида ўтказилган эди. Ўша учрашувда давлат раҳбари бундай тадбирни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни деб эълон қилишни таклиф қилганди.
Учрашувлар анъанавий равишда ўтказиб келинаётгани, уларда тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар муҳокама қилинаётгани ва улар билан маслаҳатлашган ҳолда қарорлар қабул қилинаётгани таъкидланди.
Шу кунгача очиқ мулоқотларда тадбиркорлар томонидан билдирилган 1 мингга яқин таклиф ва ташаббуслар қонун ва қарорларда ўз аксини топгани айтилди. Очиқ мулоқотга тайёргарлик давомида 26 та соҳанинг 7 мингга яқин вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. «Колл-марказ» орқали 13 мингдан зиёд мурожаат ва ташаббуслар келиб тушган.
Бугунги учрашувда давлатимиз раҳбари ушбу мурожаатларни ўрганиш асосида ишлаб чиқилган ҳамда тадбиркорлик фаолиятига янада кўп қулайлик яратишга қаратилган янги ечимларни илгари суради, — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, давлат раҳбари Янги Тошкентда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишиши маълум қилинган.