Дилшод Ахатов Ўзбекистоннинг Лихтенштейндаги биринчи элчиси бўлди
Ўзбекистоннинг Лихтенштейндаги биринчи элчиси этиб тайинланган Дилшод Ахатов ушбу мамлакат Валиаҳд шаҳзодаси Алоизга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда Дунё агентлиги хабар қилмоқда.
Лихтенштейн Валиаҳд шаҳзодаси мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни ва икки давлат ўртасидаги кузатилаётган ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлади. У тарихда илк бор мазкур мамлакатда Ўзбекистон элчисининг тайинланганини алоҳида эътироф этди.
Лихтенштейн ва Ўзбекистон ўртасида 2024 йил март ойида ўрнатилган дипломатик алоқалар ҳамкорликни тизимли равишда давом эттиришга муҳим пойдевор бўлгани, Вадуцнинг Тошкент билан муносабатларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш тарафдори экани таъкидланди.
Учрашув якунида шаҳзода Алоиз Ўзбекистон Президентига эзгу-тилаклари ва самимий саломларини йўллади ҳамда мамлакатимиз халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Лихтенштейн Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар, атроф-муҳит ва маданият вазири Сабине Монауни билан учрашув ўтказди. Суҳбат чоғида икки мамлакатнинг БМТ ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги конструктив мулоқоти юксак баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, Дилшод Ахатов 2023 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистоннинг ГФРдаги элчиси сифатида Германия Федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайерга ишонч ёрлиқларини топширган эди.