«Uzbekistan Airways» маълумотлар сизиб чиққани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ижтимоий тармоқларда «Uzbekistan Airways»дан маълумотлар сизиб чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Авиакомпания бу маълумотларни расман рад этди.

Ҳозирги вақтда ахборот тизимларига рухсатсиз кириш ёки йўловчилар ва ходимларнинг шахсий маълумотларини ошкор қилиш (компрометация) билан боғлиқ бирорта ҳам тасдиқланган ҳодиса қайд этилмаган. Барча инфратузилма одатдаги тартибда ишламоқда, — деб хабар қилинди.

Шунингдек, авиакомпания бир қатор нашрларда гўёки маълумотлар сизиб чиққанининг исботи сифатида келтирилган мисоллар ишончсиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслиги таъкидлади.

Материалларда кўрсатилган маълумотлар Uzbekistan Airways ахборот тизимларига алоқадор эмас ва дастлабки тахминларга кўра, ҳодиса мавжудлиги ҳақида нотўғри таассурот қолдириш мақсадида сунъий равишда яратилган ёки таҳрирланган бўлиши мумкинлиги айтилди.

Айрим оммавий ахборот воситаларида сиздирилган маълумотлар ҳақида хабарлар тарқалиши муносабати билан хизмат текшируви ўтказилиб, ҳеч қандай маълумотлар компрометация қилинмагани маълум қилинди.

Ўзбекистон